Таниқли адабиётшунос олим Санжар Содиқов вафот этди

Филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов.

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов 6 август куни 80 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар 9 август куни хабар берди.

1940 йил 21 июль куни Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган Санжар Содиқов кўзи ожиз болалар мактаб-интернатини тамомлаган. Сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олган.

1965 йилдан то умрининг сўнгига қадар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон тиллари университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетларида ёшларга таълим берган.

Санжар Содиқов адабиётшуносликка оид ўндан ортиқ асарларнинг муаллифидир. Унинг кўпчилик асарлари, жумладан, «Роман ва танқид» (2008), «Радиожурналистика асослари» (2010), «Мамлакатшунослик асослари» (2012), «Янгича талқин мевалари» (2013), «Жадид адабиётининг қалдирғочлари» (2013), «Янги ўзбек адабиёти тарихи» (2019) каби асарларидан олий ўқув юртларида дарслик сифатида фойдаланилади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Санжар Содиқов ёзувчи Борис Пастернакнинг «Доктор Живаго» (2018), Иван Буниннинг «Арсенев ҳаёти» (2020) номли романларини ўзбек тилига таржима қилган.