Шаҳарларда 15 августдан автотранспорт, 17 августдан шаҳарлараро қатновлар, 20 августдан бозорлар фаолиятига рухсат берилади

17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови тикланади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 12 августда ўтган видеоселектор йиғилишида кўрсатма берди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади.

Белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади.

17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши белгиланди.

20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлайди.

Йиғилишда Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.