Талабаларга контракт пулини тўлашда олийгоҳлар 10 фоизлик чегирма берадиган бўлди

Контракт пуллари ўзгаришсиз қолгани тармоқда норозиликка сабаб бўлганди.

Ўзбекистон олийгоҳларида кундузги таълим шаклида ўқиётган барча талабаларга контракт тўлови бўйича 10 фоиз чегирма берилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги баёнот берди.

Вазирликларга кўра, коронавирус пандемияси шароитида оғир аҳволда қолган талабаларни қўллаш мақсадида шундай енгиллик берилади.

Бундан ташқари етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, "темир дафтар" рўйхатидаги оилалар фарзандлари бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдамлар берилиши кўзда тутилмоқда.

Олийгоҳлар ҳисобидан талабаларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, 4 миллион сўмгача ёрдамлар берилиши мумкин.

2-курс ва ундан юқори босқич талабалари учун янги ўқув йили 2 сентябрдан, масофавий шаклда бошланади.

Шу кундан ўқишга кириш бўйича тест синовлари ҳам бошланиб, ўқишга қабул қилинган 1-курс талабалари учун дарслар 1 октябрдан ё анъанавий, ё масофавий тарзда бошланиши режалаштирилган.

2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон олийгоҳларида контракт миқдори ўзгартирилмаслиги эълон қилинганидан сўнг¸ ижтимоий тармоқларда талабалар ўз норозилигини ифодалашга киришганди.

Телеграм тармоғида очилган ўнлаб гуруҳга қўшилган талабалар пандемия шароитида минглаб оила дуч келаётган молиявий муаммолар сабаб контракт тўлови арзонлаштирилишини талаб қилганди.