38 та туман ва шаҳар суди судьялигига танлов эълон қилинди, номзодларга 5 кун мухлат берилди

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши 38 та тумандаги туман, туманлараро ва шаҳар суди судьялик лавозимларига танлов эълон қилди.

Судьялар олий кенгашининг 16 август куни маълум қилишича, танловда қатнашишни истовчи судьялар шу йилнинг 20 августига қадар - яъни, танлов жамоатчиликка эълон қилинганидан кейин - атиги 5 кун ичида ариза билан олий кенгашга мурожаат қилиши мумкин.

Танловда 35 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши мумкин.

ЎзА агентлигида берилган эълонга кўра, судьялар ўрни бўш турган туманлар рўйхати илова қилинган.

Рўйхатдан кўринишича, жами 38 та - туман, туманлараро ва шаҳар суднинг судьялик ўрни бўш турибди. Хабарда бунча лавозим айни пайтда нега бўш тургани изоҳланмаган.

2017 йилнинг февралида президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармон билан судьялар танлов асосида танланадиган бўлган.

Президентнинг “Ўзбекистон республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Судьялар олий кенгаши ташкил этилган.

Мазкур кенгашга:

- судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш,

- малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш,

- раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш йўли билан судьялар корпусини шакллантириш,

- судьялар даҳлсизлигини таъминлаш, судьяларни касбий тайёрлаш,

- судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш, жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишга хулоса бериш каби масалани кўриб чиқиш ваколати берилган.

Кенгаш раиси президентнинг тақдимномасига кўра Олий Мажлиси Сенати томонидан тайинланади.

Унинг 11 аъзоси Кенгаш раиси тақдимномаси билан президент томонидан тасдиқланади. Кенгашнинг яна 9 аъзоси эса президент томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ватандошлик жамияти вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.