Тест синовлари пайтида ота-оналар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмайди

Тест ўтказиладиган жойлар камида 1,5 километр радиусда тўсилади.

Тест синовлари пайтида абитуриентларнинг ота-оналар ва яқинлар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов маълум қилди.

Расмийга кўра, тест ўтказиладиган жойларга олиб келувчи автомобил йўллари камида 1,5 километр радиус масофада бетон тўсиқлар ёки юк автотраспорти билан тўсилади. Ушбу ҳудудларда ҳаракатланиш вақтинча чекланади. Фуқароларни ва автотранспорт воситаларини тўпланишига йўл қўйилмайди.

“30 август кунидан бошлаб, тест ҳужжатлари Давлат фельдъегерлик хизматининг масъул ходимлари билан ҳамкорликда белгиланган манзилларгача патруль автомашиналари ёрдамида, зарурий махсус воситалар билан таъминланган ички ишлар органи ходимлари томонидан кузатиб борилади”,-деди Шохруҳ Ғиёсов.

Синовга келган ҳар бир абитуриент текширувдан ўтказилади. Абитуриент ўзи билан фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжатни олиб келиши лозим.

Абитуриентлар сув, қалам, тегишли жиҳозлар, тиббий ниқоб билан таъминланадилар. Абитуриентлардан тест топшириш жойларига камида 1 соат олдин келишлари талаб этилади.