Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Икромжон Бўронов вафот этди

Икромжон Бўронов 23 август куни 80 ёшида вафот этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Икромжон Бўронов 23 август куни 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизматига таянган ҳолда “Дарё уз” хабар қилди.

Бироқ вазирликнинг расмий сайтида ҳам, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам бу ҳақда расмий хабар берилмади.

Икромжон Бўронов Шўролар даврида Ўзбекистонда Ички ишлар органларининг биринчи ансамблини ташкил қилган эди. Ҳарбий қисмлардан бирида ташкил этилган мазкур ансамблдан ўнлаб истеъдодли санъаткорлар етишиб чиққан. Жумладан, Ўзбекистон Халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов, Муҳриддин Ҳолиқов, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамидулло Матҳолиқов ҳам Икромжон Бўронов асос солган ансамблда хизмат ўтаганлар.

“Устоз санъаткор, ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Икромжон Бўроновнинг вафоти муносабати билан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Фахрийлар кенгаши ва шахсий таркиби номидан марҳумнинг оила аъзолари, қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, — дейилади хабарда.