Нукусда Дамас ва поезд тўқнашуви оқибатида 4 киши жароҳатланди

Тўқнашув оқибатида ҳайдовчи ва уч йўловчи жароҳатланди.

Нукус шаҳар ҳудудидан ўтувчи А 380 автомобиль йўлининг 767-километрида 25 август куни соат 08:00 ларда Дамас ва поезд тўқнашиб кетгани ҳақида ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотда айтилишича, 1992 йилда туғилган С.Б.. бошқарувидаги Дамас эрталаб соат 8лар чамасида темир йўл кесишмаси орқали ҳаракатланиш қоидаларини бузиши оқибатида тепловоз тортиб келаётган поезд вагони билан тўқнашган.

Натижада, ушбу автомобиль ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчиси тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат қилган.

Мазкур тўқнашув юзасидан Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 19 август куни Андижон шаҳрида "Ласетти" ҳайдовчиси темир йўл кесишмасини тўсувчи қурилмага урилгани ҳақида хабар берилган эди.