Қашқадарё коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича учинчи ўринга чиқди

27 август куни 393 ҳолатда касаллик қайд этилган, 638 нафар бемор соғайган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 28 августга ўтар кечаси хабар қилишича, сўнгги бир сутка ичида Қашқадарё вилоятида 3 нафар, Тошкент шаҳрида 2 нафар, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистон бўйича коронавирусдан ўлганлар сони 298 кишига етди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 205, Тошкент вилоятида 34, Қашқадарё вилоятида 11 киши вафот этган.

Вазирликнинг билдиришича, 27 август куни 393 ҳолатда касаллик қайд этилган, 638 нафар бемор соғайган. Ҳозирда коронавирусга чалинган 40 447 нафар бемордан 37 200 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 92 фоизни ташкил этмоқда.

Касалхонада даволанаётган 2 949 нафар бемордан 279 нафари оғир, 133 нафари эса ўта оғир аҳволда.