Олти ойда бюджет ташкилотларида 18 миллиард сўм ўғирланди

Ташкилотларда 64 миллиард сўм миқдорида ноқонуний харажатлар қилинган.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2 010 та бюджет ташкилотининг 1 632 тасида 82 миллиард сўм миқдорида молиявий хатоликлар аниқланди.

Молия вазирлигининг ярим йиллик ҳисоботида билдирилишича, бу маблағнинг 18 миллиард сўми ноқонуний ўзлаштирилган. Бундан ташқари 64 миллиард сўм миқдорида ноқонуний харажатлар қилинган.

2020 йилнинг ўтган даврида ўтказилган назорат тадбирларида коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган тиббиёт муассасаларига ажратилган маблағларни сарфланишида 56 миллиард сўмлик хато ва камчиликлар аниқланди.

Тиббиёт муассасалари 2 359 та ҳолатда ортиқча ва зарур бўлмаган маҳсулотлар харид қилиш, рағбатлантириш пулларини нотўғри ва ортиқча ҳисоблаш оқибатида 23 миллиард сўмни ортиқча ишлатган.