Бюджет тақчиллиги деярли 7 триллион сўмни ташкил қилди

Бюджет тақчиллигининг бир қисми халқаро молия институтларидан олинган маблағ эвазига қопланди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бюджет даромади 58 трлн. 157 млрд сўмни ташкил қилди. Молия вазири Тимур Ишметовнинг Олий мажлис қонунчилик палатаси ялпи мажлисида қилган маърузасида айтилишича, бу 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 7,5 триллион сўмга кўпдир.

Айни пайтда бюджет харажатлари биринчи ярим йилликда 64 триллион 879 миллиард сўмни ташкил этди. Бу эса давлат бюджети 6 триллион 722 миллиард сўм ёки ЯИМ га нисбатан 2,6 фоиз миқдорида тақчиллик билан ижро этилганини англатади.

Давлат бюджети тақчиллигининг 3 триллион 423 миллиард сўми Давлат ғазначилик облигацияларини муомалага чиқариш натижасида келиб тушган, 3 триллион 299 миллиард сўми халқаро молия институтларидан бюджетни қўллаб қувватлаш учун жалб қилинган маблағлар ҳисобидан қопланди.