Коронавирус юқтирган Миллий театр раҳбари оғир аҳволда

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театрининг раҳбари Фатхулла Маъсудов.

Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудовнинг коронавирус юқтириб, оғир аҳволда ётганини унинг рафиқаси тасдиқлаган.

QALAMPIR.UZ актёрнинг рафиқаси Гулираъно Маъсудованинг “Аҳволлари яхши эмас. Халқимиздан дуода бўлишларини сўраймиз”, деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Сўнгги кунларда Фатҳулла Маъсудов оғир ётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди.

"Ҳақиқатан ҳам Фатҳулла Маъсудов коронавирус-пневмония хасталиги билан Тошкентдаги хусусий шифохонада бир неча кундан буён даволаниб келмоқда. Айни вақтда у шифокорларнинг жиддий назорати остида қолмоқда", дейилади QALAMPIR.UZ хабарида.

Шу ҳафта бошида Ўзбек миллий академик драма театрининг забардаст актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ўзбек томошабинига "Келинлар қўзғолони" филмидаги Сотти образи билан танилган Дилбар Икромова коронавирусдан вафот этган эди.