ОАВ: Яна бир прокурор коронавирусдан вафот этди. ССВ уни ҳам расмий статистикага қўшмади

Каттақўрғон тумани прокурори Ойбек Хўжаев. Бош прокуратура матбуот хизмати фотоси.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани прокурори Ойбек Хўжаев коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этди. Бу борада хабар берган ЎзАнинг билдиришича, Ойбек Хўжаев коронавирусдан «маълум вақтдан буён даволанаётган эди».

Прокурорнинг ўлими ҳақида маҳаллий матбуот 1 сентябрь куни кечқурун хабар берди.

1976 йил Хоразмда туғилган Ойбек Хўжаев 2018 йил ноябрь ойидан буён Каттақўрғон тумани прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Прокурорнинг жанозаси 2 сентябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида бўлиб ўтиши хабар қилинди.

«Дарё уз» нашрининг ёзишича, коронавирусдан вафот этган прокуратура ходимларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий статистикага қўшмай келмоқда.

«Аввал ҳам Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратураси бўлим бошлиғи Ҳакимбай Халимов, Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ССВ шу вақтга қадар мазкур ўлим ҳолатларини расмий статистикага қўшмай келмоқда. Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 324 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этгани ҳақида хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони Ойбек Хўжаевнинг вафотини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 336 нафарни ташкил этмоқда», -дейилади хабарда.