СЭОМ масъули: 1 миллион 273 мингдан зиёд киши гриппга қарши бепул эмланади

Ўзбекистонда грипп ва ўткир респиратор касалликларига қарши кураш доирасида 1 миллион 273 мингдан зиёд одам гриппга қарши бепул эмланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази иммунопрофилактика бўлими мудираси Вазира Муталова 2 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Мулозимага кўра, республика бўйича 516 минг 174 нафар ўқитувчи, мактабгача таълим муассасаларининг 223 минг 426 нафар ходими ҳамда 534 мингдан ортиқ тиббиёт ходими, яъни 1 миллион 273 минг нафардан ортиқ контингентни октябрь ойидан бошлаб гриппга қарши эмлаш режалаштирилмоқда.

“Айнан ушбу тадбирларни олиб бориш учун бугунги кунда республика бўйича 4 минг нафар вакцинаторларимиз мавжуд бўлса, уларнинг дублёрлари билан ҳозирги кунда 8 минг нафардан ортиқ вакцинатор, яъни эмлаш ҳамшираларимиз ушбу тадбирларни амалга ошириш учун улар ўртасида семинар машғулотлари олиб борилди”, деди Вазира Муталова.

Тошкент шаҳар СЭОМ вакиласи ўз сўзида сентябрь ойида давлат томонидан 1 миллион дозадан зиёд гриппга қарши вакцина олиб келиниши режаланаётганини ҳам қўшимча қилган.