Глобал инновацион индексда Ўзбекистон 93-ўринни эгаллади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон бу йилги Глобал инновацион индексда (Global Innovation Index 2020) 131 мамлакат орасида 93-ўринни эгаллади.

Ҳисоботга мувофиқ, сўнгги беш йил ичида мамлакат Глобал инновация индексига маълумотлар йўқлиги туфайли киритилмаган.

Рейтингда Ўзбекистон Сальвадор (92-ўрин) билан Қирғизистон (94-ўрин) ўртасида жой олган.

Глобал инновацион индекс мамлакатларнинг инновацион ривожланишини 80 та кўрсаткич бўйича баҳолайди.

Ўзбекистон “Бозорнинг ривожланганлиги” (27-ўрин), “Инфратузилма” (72-ўрин), “Инсон капитали ва тадқиқотлар” (77-ўрин) компонентлар бўйича ўртачадан юқори натижаларни, “Фан ва технологиялар ривожланганлиги” (90-ўрин), “Институтлар” (95-ўрин), “Ижодий фаолият натижалари” (127-ўрин) ва “Бизнес ривожланиши” (127-ўрин) компонентлари бўйича эса ўртачадан паст натижаларни кўрсатган.

Рейтингда биринчи ўринни Швейцария эгаллаган, унинг ортидан Швеция, АҚШ, Буюк Британия ва Ҳолландия келган.

Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон эса рейтингда 77-ўринни эгаллаган.

Икки йил муқаддам президент Ш. Мирзиёев "2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонни имзолаганди.

Фармон билан тасдиқланган стратегияда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда рақобатбардошлилигига эришиш ва инновацион тараққиётини кучайтириш йўлидаги асосий вазифалар белгиланган.

Мазкур вазифалар орасида “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш” ҳам бор.