Қўшма Штатлар Ўзбекистонга 200 та сунъий нафаc бериш жиҳози тақдим этди

Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Д.Розенблюм сунъий нафас бериш аппаратларини топшириш маросимида (сурат АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтидан олинди).

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали коронавирусга қарши курашишда кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистонга 200 та замонавий сунъий нафас бериш аппарати тақдим этди. Жиҳозларни топшириш маросимида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм иштирок этган.

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида 2 мингдан зиёд сунъий нафас бериш аппарати мавжуд. Умумий қиймати қарийб 2,6 миллион доллар бўлган 200 та сунъий нафас бериш аппарати эса АҚШ томонидан бундан аввал етказиб берилган 6 миллион доллардан зиёд кўмакнинг давоми бўлган.

Қўшма Штатлар томонидан тақдим этилган сунъий нафас бериш аппаратлари Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмаси, ҳатто минтақавий иқлимни ҳам ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилгани айтилмоқда. Хусусиятларига кўра, ушбу қурилмалар стационар даволанишда интенсив терапия учун ҳам, аэротиббий транспортда ёки тез ёрдам машиналарида беморни ташиш пайтида ҳам қўлланилади.

Тадбирда Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бу ускуналарни мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларига етказиб бериш, ташиш ва жойлаштиришни режалаштиришда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлардаги соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан иш олиб бораётгани таъкидланган.

Замонавий технология асосида АҚШда ишлаб чиқарилиб, Ўзбекистонга тақдим этилган ускуналар ихчам, ўрнатилиши осон ҳамда инвазив ва ноинвазив усулларда қўлланилиши мумкинлиги, бу эса ўзбекистонлик шифокорларга вирусга чалинган беморларни даволашда қулайлик туғдириши айтилмоқда.