Фарғонада 1 яшар гўдагини 1,5 минг долларга пулламоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Фарғона шаҳрида шу йил 1 сентябрь куни 1 яшар фарзандини 1500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган 24 ёшли Г.С. қўлга олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Маълумотларга кўра, аёл Фарғона шаҳар Ш.Рашидов кўчасида фарзанди учун келишилган пулдан 500 АҚШ доллари миқдордаги пулларни олаётган вақтида ушланган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади хабарномада.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши бўйича Г.С. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.