Сенат илк сайёр кенгаши Сирдарёда бўлди. "Сардоба" тошқини зарарини қайта ўрганиш таклиф қилинди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева

5 сентябрь куни Сирдарёда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлисида “Сардоба” сув омбори фожеасида вайрон бўлган аҳоли уй-жойларини тиклаш бўйича ҳисоботлар тингланди.

Матбуот хизматининг хабар қилишича, Сенат раиси Танзила Норбоева билан Сирдарёга борган Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари, маҳаллий депутатлар ва раҳбарлар сайёр мажлисда қатнашган.

Мажлисда айтилишича, “Сардоба” тошқинида уйини йўқотган аҳолидан тушган мурожаатлар ортидан, Сенат ишчи гуруҳи шу йилнинг 14-18 август кунлари Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларига борган, аҳоли билан учрашган.

"Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракати билан ижтимоий соҳа объектларида бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 9,5 млрд. сўм маблағ тўловлари тўланмаётганлиги аниқланиб, ушбу маблағлар қурувчи ташкилотларга тўлиқ ундириб берилди. Қолаверса, Сардоба туманидаги “Global Idea” МЧЖга 10,0 млрд.сўм кредит маблағи ажратилиши таъминланди", дейилади Сенат ахборотномасида.

Шу йилнинг 1 майида "Сардоба" сўм омбори тўғони ёрилиб кетган ва оқибатда, расмий маълумотга кўра, жами 4 710 та хонадонга талафот етган, бундан 2 211 таси яроқсиз, 2 499 таси таъмирталаб ҳолатга келган.

Сенат сайёр йиғилишида қайд этилишича, тошқиндан буён, зарар етган ҳудудлардаги талафот миқдори ҳануз тўлиқ аниқланмаган, уйсиз қолган аҳоли, хўжалиги касод бўлган фермер ва деҳқонлар зарари ҳануз тўлиқ қопланмаган.

Мажлис якунида жабр кўрган фуқаролар муаммоларини яна бир бор ҳукумат даражасида Ишчи гуруҳ ташкил қилиб, пухта ўрганиш ва Ҳукумат комиссиясига янги таклиф киритиш лозимлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.