Коронавирусдан вафот этганларнинг асосий қисми 50-70 ёшдаги кишилардир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 7 сентябрь куни билдиришича, сўнгги бир суткада Тошкент шаҳрида 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 348 кишига етди.

Вазирликнинг билдиришича, 6 сентябрь ҳолатига кўра, 345 нафар беморнинг “COVID-19” инфекциясидан вафот этгани қайд этилган. Уларнинг 132 нафарини аёллар, 213 нафарини эркаклар ташкил этган.

Ёш тоифасига кўра, 6 нафар бемор 30 ёшгача, 26 нафар 30-40 ёш оралиғида, 45 нафар 40-50 ёш оралиғида, 99 нафар 50-60 ёш оралиғида, 106 нафар 60-70 ёш, 63 нафар 70 ёшдан катта беморлар бўлган.

Ўлим сабабига кўра, вафот этганларнинг 264 нафарида ўткир юрак қон-томир, нафас етишмовчилиги, 10 нафарида ўткир респиратор дистресс синдром, 8 нафарида тромбоэмболия, 4 нафарида ўткир миокард инфаркти ва бошқалар қайд этилган.

“Вафот этган беморларда касалликнинг кечиши таҳлил қилинганда, аксарият беморларда гиперкоагуляция – организмдаги барча томирларда қоннинг қуюлиб кетиши кузатилиб, унинг асорати бемор аъзоларида тромбоз, инфаркт, инсульт каби асоратларга олиб келган”,-дейилади хабарда.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 43 663 нафар бемордан 41 277 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда.