Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 7 сентябрдан қайта очилди

Миллий кутубхона биноси.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 7 сентябрь соат 10:00дан эътиборан яна фаолиятини давом эттирмоқда. Бу ҳақда АОКА хабар берди.

Мазкур кутубхона АОКА тасарруфидаги ташкилот ҳисобланади. Расмий билдирувда таъкидланишича, Миллий кутубхонада карантин ҳамда санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда босқичма-босқич китобхонларга хизмат кўрсатилади.

“Илм” диссертациялар зали магистр, илмий тадқиқотчилар, фан номзодлари, доктор, профессор ва академикларга бир вақтнинг ўзида 15 та китобхон учун, “Нодир” ноёб манбалар зали – илмий тадқиқотчиларга - бир вақтнинг ўзида 10 та китобхон учун, “Жаҳон” хорижий адабиётлар зали хорижий тилларни ўрганувчи барчага бир вақтнинг ўзида 25 та китобхон учун хизмат кўрсатади.

Кутубхонага келиш истагида бўлган китобхонлар 71 232-83-94 рақамига қўнғироқ қилиб, ўқув зали ва келиш вақтини олдиндан қайд эттиришлари лозим.