Конституциявий суд ўз раисининг фаолияти қонуний эканини билдирди

Конституциявий суд судьялари Сенат томонидан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва унинг раиси мавжуд қонунчиликни бузмаяпти. Бу ҳақда Конституциявий суд котибияти 7 сентябрь куни тарқатган баёнотида маълум қилди.

Мазкур баёнот ижтимоий тармоқларда қонунчиликда икки мартадан ортиқ Конституциявий суд судялигига сайланиш мумкин эмаслиги қайд этилган бўлсада, суд раиси Бахтиёр Мирбобоев беш маротаба Конституциявий суднинг судьяси этиб сайлангани ноқонуний экани муҳокма этилганига жавоб тариқасида эълон қилинди.

Бундан ташқари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Бахтиёр Мирбобоев 75 ёшда бўла туриб, Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 бўлиши кераклиги тўғрисидаги қоидани бузаётганини айтиб ўтган.

Конституциявий суд котибиятининг билдиришича, ижтимоий тармоқлардаги бу каби мақолалар “кўпчиликда нотўғри фикрларни шакллантирмоқда”.

Баёнотда қайд этилишича, Конституциявий суднинг ташкил этилиши ва фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга мувофиқ тартибга солинмоқда.

“Конституциявий қонуннинг 6-моддасига мувофиқ “Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас”. Бу қоида 2017 йил 1 июндан бошлаб сайланган судьяларга нисбатан татбиқ қилинади. Қонунга мувофиқ судьянинг ваколат муддати беш йилни ташкил этади. Конституциявий қонун қабул қилингунгача амал қилган Конституциявий суд тўғрисидаги қонунда Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддатига нисбатан чеклов белгиланмаган”, -дейилади баёнотда.

Бундан ташқари Конституциявий суд котибияти “Конституциявий қонунда Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади деб белгиланган. Қонунчилик техникасига мувофиқ “қоида тариқасида” деган тушунча умумий талаб бўлиб, айрим пайтда истисноли ҳолатлар бўлиши мумкинлигини англатади”,- деб таъкидлаган.