Норинда икки эркакни калтаклаган қизга нисбатан жиноят иши очилди

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти фотоси.

Наманган вилоятининг Норин тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ўзидан 10 ва 7 ёш катта бўлган икки эркакни дўппослаган 23 ёшли Г.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатди. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса жорий йилнинг 25 июнь куни соат 17:30 ларда содир бўлган.

Қайд этилишича, қиз Норин тумани Зарбдор МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида 33 ёшли У.А.ни ҳеч бир сабабсиз, қасддан уриб-тепиб, тан жароҳати етказган. Шундан сўнг у безорилик ҳаракатларини олдини олишга уринган 30 ёшли А.Н.ни ҳам урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.А., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади Тергов департаменти хабарномасида.

Иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.