Пойтахтда туманлар сони яна биттага кўпаяди

Тошкентдаги парламент биноси.

Ўзбекистон парламенти қуйи (Қонунчилик) палатасининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиққанлар.

Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига мувофиқ, мазкур ўзгаришлар ортидан Тошкент шаҳри ҳудудидан 2 131,2 гектар, шу жумладан, Сергели туманидан 1 864,2 гектар ва Бектемир туманидан 267,0 гектар ҳамда Тошкент вилояти ҳудудидан 2 288,4 гектар, яъни Зангиота туманидан 492,0 гектар, Қуйичирчиқ туманидан 128,7 гектар, Янгийўл туманидан 264,4 гектар ва Ўртачирчиқ туманидан 1 403,3 гектар ер майдонлари Янгиҳаёт тумани таркибига ўтказилади.

Шу тариқа Тошкент шаҳри таркибига кирувчи туманлар сони 12 тага етади. Бунгача Ўзбекистон пойтахтида Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой ва Яшнобод каби туманлар бўлган.