Коронавирусдан ўлганлар сони 373 кишига етди. Беморлар сони яна кўпаймоқда

10 сентябрь куни мамлакатда 749 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 11 сентябрда билдиришича, 10 сентябрь куни Тошкент вилоятида 4 нафар, Тошкент шаҳрида 3 нафар, жами 7 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлган беморлар сони 373 нафарга етди.

Вафот этганларнинг 261 нафари Тошкент шаҳри ва 50 нафари Тошкент вилоятида. Қашқадарё вилоятида 12 бемор жон берган. Қолган вилоятларда эса вафот этганлар кўрсаткичи ўнтага етмайди.

10 сентябрь куни мамлакатда 749 ҳолатда касаллик қайд этилди. Ушбу ҳолат жорий йил 3 август куни коронавирус қайд этилган 748 нафарлик кўрсаткичдан ошди. Бир кунда 343 нафар бемор соғайди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 45 679 нафар бемордан 42 555 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 751 нафар бемордан 439 нафари оғир, 219 нафари эса ўта оғир аҳволда.