Термизда афғонистонликларга очиқ, ўзбекистонликка эса ёпиқ иқтисодий зона қуриляпти

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида 20 турдан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган "Термиз" эркин иқтисодий зонаси қурилмоқда.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, бу иқтисодий зона афғонистонлик тадбиркорлар учун очиқ ва ўзбекистонликларга эса "паспорт режими"да ишлайдиган ёпиқ иқтисодий зона бўлади.

Хабарда айтилишича, 10-11 сентябрь кунлари журналистлар учун Сурхондарё вилоятига пресс-тур ташкил қилинган ва унда янги зона ҳақида маълумот берилган.

Вилоят ҳокимлигига таяниб берилган хабарга кўра, бу зонада экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, асосан Афғонистон ва Покистонга экспорт қилинади.

Сурхондарё вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Рустам Пардаевнинг маҳаллий журналистларга айтишича, афғонистонликлар учун янги зонага олиб кирадиган махсус "яшил йўлак" очиб берилади:

"Улар визасиз ва биргина текширув орқали бу зонага кириб келаверади. Ўзбекистонлик тадбиркорлар эса бу ерга назорат ва паспорт режими билан киритилади ҳамда чиқарилади".

Расмий маълумотга кўра, ҳозир бу иқтисодий зонада кийим-кечак ва телевизор чиқаришга мўлжалланган корхоналар қурилиши бошланган.