Коронавирусдан вафот этганлар сони 392 кишига етди

Беморлардан 483 нафари оғир, 246 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 14 сентябрда билдиришича, сўнгги бир суткада Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 1 нафар ҳамда Самарқанд вилоятида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони жами 392 кишига етди. Вафот этганларнинг 274 нафари Тошкент шаҳрида, 54 нафари Тошкент вилоятида ва 13 нафари Жиззах вилоятида. Қолган вилоятларда ўлимлар кўрсаткичи 10 нафардан оз.

13 сентябрь куни мамлакатда 573 ҳолатда коронавирус қайд этилди, 491 нафар бемор тузалди. Шу кунгача касаллик қайд этилган жами 47 423 нафар бемордан 44 002 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 029 нафар бемордан 483 нафари оғир, 246 нафари эса ўта оғир аҳволда.