Чиноздаги автотўқнашувда тўрт киши ҳалок бўлди

Чиноздаги автотўқнашувдан сўнг автомобиллар мана шундай ҳолатга келган. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси фотоси.

Тошкент вилояти Чиноз туманида 13 сентябрь куни соат 00:10 ларда содир этилган автотўқнашув оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди ҳамда икки киши тан жароҳатлари олиб касалхонага ётқизилди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, Чиноз туманининг Кўтарма маҳалласи ҳудудидан ўтган М-39 “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 858-километрида “Нексия-3” қарши ҳаракатланиш йўлига ўтиб кетган ва ”Ласетти” билан тўқнашган.

Авария оқибатида “Нексия-3” ҳайдовчиси 34 ёшли Т.С., “Ласетти” ҳайдовчиси 39 ёшли Ф.Н., ҳамда ушбу автомобиль йўловчилари 40 ёшли Э.Х. ва 25-30 ёшлардаги шахси аниқланмаган аёл оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этишган.

“Ласетти” йўловчилари 29 ёшли К.Б., ва 44 ёшли Ю.Ҳ., тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) асосида жиноят иши қўзғатилди.