Тошкент вилоятида “Дамас”ларда йўловчи ташишга изн берилди

"Дамас" Ўзбекистонда йўналишли такси ўлароқ энг кўп қўлланиладиган автомобиллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Жорий йил 15 сентябридан Тошкент вилояти ҳудудида йўналишли такси йўналишларида “Дамас” русумли енгил автомобиллар қатновини қайта тиклашга рухсат берилди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, бу иш Тошкент вилояти махсус комиссиясининг топшириғига мувофиқ амалга оширилган.

Қайд этилишича, йўналишга чиққан “Дамас” ҳайдовчиларидан қатор санитария ва меъёрий ҳужжатларга риоя этиш талаб қилинади, хусусан:

  • ҳар қатновга чиқишдан олдин ҳайдовчи ва чиптачиларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37 С ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймаслик;
  • ҳайдовчиларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлишини ҳамда транспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган ҳолда бўлишини таъминлаш;
  • йўловчиларнинг тиббий ниқобда бўлишини назорат қилиш, тиббий ниқоби бўлмаган ҳолатда уларнинг транспортга чиқишига йўл қўймаслик;
  • транспорт воситасини доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказиш.

Айни пайтда санитар ишлов берилмаган, техник кўрикдан ўтмаган, техник носоз транспорт воситасини ишга чиқарилишини қатъиян таъқиқланади.

Тошкент вилояти транспорт бошқармаси “Дамас” автотранспорт воситаларида йўловчи ташувчи корхоналар ҳайдовчилари томонидан ҳаракат жадвалига риоя этмаслик, йўналиш схемасига амал қилмаслик, карантин қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган ҳолларда, корхона раҳбари ва уларнинг ҳайдовчиларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирган.

Аввалроқ Озодлик Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 5 сентябридан йўналишли таксида йўловчи ташишга рухсат берилгани, бироқ бу изн “Дамас” русумли енгил автомобилларда йўловчи ташишга тегишли эмаслиги ҳақида хабар қилган эди.