Ўзбекистон санъат арбоби Асил Рашидов 90 ёшида вафот этди

Асил Рашидов Чингиз Айтматов қаламига мансуб барча қиссаларни ўзбек тилига таржима қилган. Ёзувчилар союзи матбуот хизмати фотосурати.

Таниқли адабиётшунос олим, Давлат мукофоти лауреати, профессор, таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Асил Рашидов 15 сентябрь куни вафот этгани ҳақида Ёзувчилар уюшмаси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

Асил Рашидов 1930 йили Жиззах туманининг Совунгарлик қишлоғида оддий деҳқон Халил Рашидов хонадонида дунёга келди. У Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистонни 24 йил бошқарган Шаров Рашидовнинг укасидир.

Асил Рашидов “Ўзбек қиссаларида меҳнат тасвири”, “Леся Украинка”, “Сўнмас юлдузлар”, “Акам ҳақида”, “Эзгуликка бахшида умр”, “Чингиз Айтматовнинг бадиий олами” каби китоб ва монографиялар муаллифидир.

Асил Рашидов Чингиз Айтматов қаламига мансуб барча қиссаларни ўзбек тилига таржима қилган.

Асил Рашидов, шунингдек, хитой ёзувчиси Ма Финнинг “Хан Мей-Мей”, Тўхтапўлат Абдумўминовнинг "Севги ва умид”, Мирзабек Дуйсеновнинг “Имтиҳон” ва бошқа ёзувчилар асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган.

“Асил Рашидовнинг олий таълим тизими ва ўзбек адабиётини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофоти ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди”,-дейилади таъзияномада.