Фарғона вилояти ҳокимининг тиббиётчи акаси пневмониядан вафот этди

Авазбек Ғаниев.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси, Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ғаниев 15 сентябрь куни вафот этди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида маълум қилишича, А. Ғаниевнинг вафотига қон босими кескин кўтарилиб кетиши ва мияга қуйилиши сабаб бўлган.

Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмасини 7 йилдан бери бошқариб келган Авазбек Ғаниев коронавирусга чалиниб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида аввалроқ ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқалган эди. Бироқ 8 сентябрь куни Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Фарғона вилояти санитария эпидемиологик осойишталик маркази бу маълумотни рад этиб, “Авазбек Ғаниев пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан айни кунда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанаётгани”ни билдирган.