Ўзбекистонлик муҳожирлар учун Россияда касбга ўргатувчи бепул курслар очилди

Россиядаги ўзбек мигрантлари.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирларни касбга бепул ўқитиш лойиҳаси иш бошлади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.

Расмий хабарда таъкидланишича, лойиҳа Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Worldskills Uzbekistan" ассоциацияси, "Worldskills Russia" иттифоқи ва Россия халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа асосида ўқимоқчи бўлганлар @uzrivoj_bot тизимида ариза қолдириши шарт бўлади.

Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида лойиҳа доирасида меҳнат мигрантлари учун 1 ойлик (72 соатлик) ва 2 ойлик(144 соатлик) рус тили, ўз касби бўйича малака ошириш ва янги касб ўрганиш курслари ташкил этилади.

“Курсларга ҳар куни қатнаб ўқишга имкони бўлмаганлар учун ўқув марказларида ётоқхона ташкил этилади. Курслар ва ётоқхона бўйича барча харажатлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади ва меҳнат мигрантлари учун бутунлай бепул”,-дейилади расмий хабарда.