Самарқандда Тошкент давлат аграр университети филиали очилди

Самарқанд.

Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 16 сентябридаги қарори билан Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Филиалнинг асосий вазифаларидан бири қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agroculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий этиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш экани айтилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, Самарқанддаги филиал ўз фаолиятини 2020/2021 ўқув йилидан бошлайди. Унда бакалавр ва магистрлар тайёрлашнинг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича қабул квотаси тасдиқланган.

Қабул квотаси бакалавриат таълим йўналишларига жами 475 та (шундан 95 таси давлат гранти, 380 та тўлов-контракт) ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича жами 40 та (давлат гранти) этиб белгиланган.