Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75- сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этади ва нутқ сўзлайди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтади.
Сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиши режалаштирилган Шавкат Мирзиёев минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдиради ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.
“Кун уз” нашрининг ўз манбьаларига таяниб хабар беришича, президент “бу галги чиқишида мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлаши кутилмоқда”.
Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам қатнашиб, рус тилида нутқ сўзлаган эди.