Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов вафот этди

Нуриддинхон Исломов 1970 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими сифатида иш фаолиятини бошлаган. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси.

Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов 73 ёшда вафот этгани тўғрисида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

22 сентябрда эълон қилинган таъзияда қайд этилишича, Нуриддинхон Исломов 1970 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими сифатида иш фаолиятини бошлаган.

1980 йилдан 2008 йилга қадар Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани бош имом-хатиби бўлган. 2017 йилгача Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасида ишлаган. Шундан сўнг айни пайтгача Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби ҳамда “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом-хатиби бўлиб турган эди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати имомнинг вафоти сабабларини маълум қилмаган.

Бундан бир кун аввал Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани бош имом-хатиби Тоҳир Исматиллаев вафот этгани ҳақида билдирганди.

16 сентябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов вафот этгани хабар қилинган.

Бу борадаги расмий билдирувларда имомларнинг ўлим сабаби очиқланмаган.