ОАВ: Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди

Марказий Осиё минтақасида жойлашган Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон мамлакатлари байроқлари.

Ўзбекистонда Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди. Дарё.уз нашрининг ҳукуматдаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, бунга оид қарор президент Ш.Мирзиёев томонидан август ойида имзоланган.

Янги институт минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи саммитида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш, эксперт-таҳлил доира вакиллари, амалиётчи мутахассислар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, минтақавий стратегияни ишлаб чиқишда улар иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилгани айтилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил қилиш ва тадқиқ этиш янги ташкил этилган институтнинг асосий вазифалари сифатида кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, қайд этилишича, институт минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изланишлар, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ бошқа таҳдид ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган тадқиқот ишларини олиб боради, қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини пухта ўрганади, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни батафсил таҳлил қилади ҳамда халқаро анжуман ва тадбирларда бу мавзуларни муҳокама қилади.