Фольклоршунос олим Тўра Мирзаев вафот этди

Академик Тўра Мирзаев (Ўзбекистон Миллий кутубхонаси сайтидан олинган сурат).

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўра Мирзаев 2020 йилнинг 29 сентябрь куни оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

1936 йили Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган Тўра Мирзаев, қайд этилишича, халқ оғзаки бадиий ижодиётини кенг кўламда тадқиқ этишдан иборат фундаментал илмий мактабга асос солган улкан фан ташкилотчиси, йирик фольклоршунос олим эди.

Унинг 600 дан ортиқ илмий, услубий, илмий-оммабоп иши эълон қилинган. Олимнинг китоб ва мақолалари Россия, Германия, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон каби кўплаб мамлакатларда нашр этилган.