Ўқитувчилар учун Россиядан 1 миллиондан ортиқ грипп вакцинаси сотиб олинди

Ҳозирда “Совигрипп” вакцинасининг 250 минг дозаси ҳудудларга етказиб берилган.

“Дори-дармон” акциядорлик жамияти Россиянинг гриппга қарши вакцина ишлаб чиқарувчилари билан 1 миллион дозадан ортиқ гриппга қарши вакцинани ҳарид қилиш бўйича шартнома тузди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, мазкур вакцина барча мактабгача таълим, бошланғич, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ходимлари марказлашган тартибда гриппга қарши эмлаш мақсадида сотиб олинмоқда.

Ҳозирда “Совигрипп” вакцинасининг 250 минг дозаси ҳудудларга етказиб берилган. Вазирлик ҳудудларга 15 октябрга қадар 40 минг доза, 30 октябрга қадар 250 минг доза, ноябрь ойида эса 500 минг доза “Флю-М” вакцинаси етказиб берилишини ҳам билдирди.

Президентнинг шу йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўқитувчи ва шифокорларни гриппга қарши оммавий эмлаш назарда тутилган эди.