Миришкор туманининг коронавирусдан вафот этган ҳокими ўрнига янги ҳоким тайинланди

Миришкор туманининг янги ҳокими Шерали Санаев (Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси).

Халқ депутатлар Миришкор тумани кенгашининг 7 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Шерали Санаев Миришкор тумани ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокимияти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Шерали Санаев янги лавозимга тайинлангунига қадар Қамаши тумани ҳокими сифатида ишлаб келган.

“Ш. Санаевга Миришкор тумани бегона эмас. У 2013-2018 йилларда туман прокурори лавозимида ишлаган”, дейилади хабарномада.

Миришкор туманининг собиқ ҳокими, 54 ёшли Ғайрат Бегалиев жорий йил 8 сентябрь куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, Ш. Санаев ўрнига Қамаши туманига Ботир Тоғаев ҳоким этиб тайинланган.