Мирзиёев ва Тоқаев Қирғизистондаги вазият юзасидан фикр алмашишди

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари 7 октябрь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдирдилар. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, мулоқот чоғида давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, ишонч ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилганлар.

Мирзиёев билан Тоқаев коронавирус тарқалиши оқибатларини тез фурсатда енгиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан мувофиқлашув ва фаол алмашинувлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этганлар.

Президентлар товар айирбошлаш кўрсаткичларини оширишга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, тадбиркорлар ва ҳудудларнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали кооперацияни кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратганлар.

Маълумотларга кўра, Шавкат Мирзиёев шу куни Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали сўзлашган. Ўзбекистон президентининг ҳар икки давлат лидери билан ҳам Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган вазиятни муҳокама қилгани билдирилган.