Журналист Ниёзматов дарахт кесувчилар томонидан калтакланганини маълум қилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик журналист ва жамоат арбоби Абу Али Ниёзматов 7 октябрь куни Чирчиқдан Тошкентга келишда дарахт кесувчилар ҳужумига учраган.

“Новости Узбекистана” нашри хабарига кўра, журналист Чирчиқ-Тошкент йўлида бир гуруҳ кишининг катта дарахтларни кесаётганига гувоҳ бўлган. У тўхтаб, содир бўлаётган воқеани видеотасвирга ола бошлаган.

Орадан бир неча дақиқа ўтгач, Ниёзматовнинг олдига бир неча киши келиб, у билан ғазабнок оҳангда сўзлаша бошлаган.

“Улар менга ташланишиб, қўлларимни қайиришиб, кафе биносига олиб киришди. Ичкарида улар жисмоний зўравонликни давом эттиришди – қўлларимни қайиришиб, қорнимга уришиб, телефонимни тортиб олишди”, дея иқтибос келтиради Ниёзматовнинг сўзларидан nuz.uz.

Журналист қонунга хилоф иш қилган бу одамлар жазоланиши лозимлигини қайд этган.

“Огоҳлантиришларимга қарамай, бу ёш йигитлар мушт ўқталиб, мени бир соатдан кўпроқ – машинада мени кутиб ўтирган дўстим кафега киргунича тутиб туришди. Мен ундан ҳуқуқ-тартибот идоралари билан боғланишни сўрадим”, деган Ниёзматов.

Журналистга кўра, уни ушлаб ўтирган одамлар фамилияси Амиров бўлган маҳаллий участка нозирини чақиришган. У Ниёзматовни милициянинг таянч пунктига олиб борган, ўша ерда у ариза ёзган. Ниёзматовнинг ўзини тутиб турган шахсларни сўроқ қилиш илтимосини Амиров рад этган.

Журналист ўзини бир соатдан зиёд ушлаб ўтирган шахслар жавобгарликка тортилиши учун қўлидан келган барча ишни қилишини билдирган.