Ўзбекистондаги 30 та мактаб Oracle Academy платформасига уланади

Халқ таълими вазирлиги билан АҚШдаги Oracle ширкатининг ўзаро келишувига биноан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 30 та умумий ўрта таълим муассасаси Oracle Academy онлайн платформасига уланади. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, келишув доирасида информатика ўқитувчилари учун тренинглар ташкил этиш, жорий ўқув йилидан вариатив ўқув режа асосида фрилансерлик йўналишида юқори синф ўқувчиларига Java Foundation каби ўқув курсини ўқитишни ташкил этиш назарда тутилган.

Вазирлик биринчи навбатда жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида пилот мактабларининг 60 нафар информатика ўқитувчилари учун хорижий тренерлар томонидан “Java дастурлаш тили” ҳамда “SQL маълумотлар базаси” йўналиши бўйича онлайн тренинглар ташкил этилиши, тренингни муваффақиятли битирган ўқитувчиларга тренерлик фаолиятига рухсат берувчи тегишли сертификат берилишини билдирган.

Иккинчи навбатда эса, вазирликка кўра, пилот мактабларнинг компьютер техникаси созлиги ҳамда юқори тезликда кенг полосали интернет тармоғига уланишини шай ҳолатга келтирилади ҳамда ота-оналар ва ўқувчилар билан биргаликда фрилансерлик йўналиши бўйича вариатив ўқув режа ўқитиш жорий этилиши келишилади.

“Мазкур курсларни муваффақиятли тамомлаган мактаб битирувчиларининг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган халқаро даражадаги сертификатни қўлга киритиши ҳамда иш шароити, ойлик маоши ва бошқа омиллари маъқул бўлган замонавий касбини эгалланиши таъминланади”, дейилади ХТВ хабарномасида.

Вазирлик ҳозирги кунда CISCO, Microsoft, Autodesk каби етакчи ИТ-компаниялар билан мактаб ўқувчиларни келажак касбларига тайёрлаш масаласида музокаралар олиб борилаётганини қайд этган.

Oracle АҚШда даромади бўйича Microsoft ширкатидан кейин иккинчи ўринда турадиган дастур таъминоти ишлаб чиқарувчи ширкат бўлиб ҳисобланади.