Марказий банк: Ўзбекистонга 9 ойда ташқаридан 4,3 млрд. доллар келиб тушган

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, шу йилнинг 9 ойида халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатга келиб тушган валюта ҳажми 4,3 млрд долларни ташкил этган.

Сентябр ойининг ўзида ташқаридан 638 миллион доллар келган ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга кўпдир, дейилади банк маълумотида.

Март ойида пандемия бошланиши билан ўтказмалар ҳажми кескин қисқарган. Жорий йилнинг учинчи ойида пул ўтказмалари 296 млн долларгача, апрелда 250 млн долларчага камайгани маълум қилинганди.

Ўзбекистон Марказий банки бу ҳолатни коронавирусга қарши кураш мақсадида жорий этилган карантин чоралари ва иқтисодий фаолликнинг секинлашиши, шунингдек, Россия ва Қозоғистонда миллий валюталар курсининг девальвацияси туфайли трансчегаравий пул ўтказмаларида ҳам пасайиши билан изоҳлаганди.

Май ойида эса пул ўтказмалари ҳажми тиклана бошлаган ва 485 млн доллар юборилган. Июнда Ўзбекистонга 621 млн доллар жўнатилган.