Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўпка МСКТ нархи кескин оширилганига муносабат билдирди

Коронавирус пандемиясигача МСКТ нархи 90 минг сўмдан 150 минг сўмгача бўлган.

Ўзбекистонда ўпкани мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ) нархи кескин кўтарилишгига тиббиёт муассасалари 24 соатлик иш режимига ўтгани сабаб бўлди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, коронавирус пандемиясигача МСКТ нархи 90 минг сўмдан 150 минг сўмгача бўлган. Айни пайтда эса бу хизмат нархи 195 мингдан 400 минг оралиғида белгиланган.

“Тиббий муассасалардан олинган маълумотларга кўра, тақдим этилаётган хизмат нархларининг ўсишига МСКТ хизматларига бўлган талабнинг кескин ортиши, касалланганлар сони кўпайиши билан боғлиқ бўлиб, шу сабабли кўплаб тиббиёт муассасалари 24 соатлик иш режимига ўтганлар, бу эса ускуналарга ортиқча юклама тушишига, уларни тез бузилишига, қайта тиклаш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларни доимий равишда сотиб олишга тўғри келаётгани кўрсатилган”,-дейилади хабарда.

Республикадаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, қўмита хусусий тиббиёт муассасаларини МСКТ хизмати учун нархларни асоссиз оширмаслигига кўрсатма берди.

Қўмитанинг билдиришича, Тошкентда 18 та тиббиёт муассасаси МСКТ хизматини кўрсатади. Тиббиёт муассасаларнинг 24 соатлик режимга ўтганлиги ортидан ходимларга қўшимча ҳақ тўланиши зарур.

“Бу ҳам ўз навбатида хизмат нархларининг кўтарилишига таъсир кўрсатган”,-дейилади расмий хабарда.