Олий Мажлис “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилмоқда

Ўзбекистонда коронавирусга қарши чеклов чоралари қўлланилиши билан фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун зарурлиги долзарб бўлиб қолди.

Олий Мажлисдаги сиёсий партиялар фракцияларида “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилина бошланди.

“Газета.uz”нинг ёзишича, мазкур қонун жамоат муҳокамасига қўйилмаган. Аммо нашр бу ҳужжат лойиҳаси билан танишиб чиқишга муваффақ бўлган.

“Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳасининг сўнгги версиясига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Шунга ўхшаш қонун лойиҳаси 2016 йилда ишлаб чиқилган ва муҳокама учун олиб чиқилган, аммо охир-оқибат у қабул қилинмаган эди”,-дейилади хабарда.

Билдирилишича, Ўзбекистонда коронавирусга қарши чеклов чоралари қўлланилиши билан фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун зарурлиги долзарб бўлиб қолди.

7 боб ва 35 моддадан иборат қонун лойиҳасида фавқулодда ҳолатни жорий этишнинг мақсадлари, уни жорий этиш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф қилиш, жамоат хавфсизлигини, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатнинг конституциявий тузуми ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш масалалари тилга олинади.

Қонун лойиҳасида фавқулодда ҳолат реал ташқи хавф, конституциявий тузум ва ҳудудий яхлитликка қилиш, қуролли қўзғолон, оммавий тартибсизликлар, террорчилик ҳаракатлари, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар каби вазиятлар юзага келганида Ўзбекистон президентининг фармони билан жорий этилиши белгиланган.