Фарғонада юк машинаси ва йўловчи поезди тўқнашуви оқибатида бир киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Бувайда ва Қўқон темир йўл станциялари оралиғида 13 октябрь куни соат 21:40 да ГАЗ-53 русумли юк машинаси билан Тошкент-Андижон йўналишида ҳаракатланаётган 62-сонли йўловчи поезди тўқнашиб кетган. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳодисага ГАЗ-53 русумли юк машинаси ҳайдовчиси Т.С.нинг темир йўл кесишмасида ҳаракатланишнинг амалдаги қоидаларини бузиб, шлагбаумни четлаб ўтишга ҳаракат қилгани сабаб бўлган.

Бунинг натижасида юк машинасининг ҳайдовчи кабинасига жиддий зарар етказилган. Ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

ЙТҲ оқибатида локомотив ва йўловчи поездининг биринчи вагонига ҳам зарар етган. Йўловчилар орасида жабрланганлар йўқ.

Зарар кўрган локомотив “Қўқон” депосига олиб борилди. Йўловчи поезд кўзланган манзилгача бошқа электровоз воситасида етказиб борилган. Воқеа туфайли йўловчи поезди манзилга 42 дақиқа кечикиб борган.

“Ўзбекистон темир йўллари” ҳозирда ҳуқуқ-тартибот ҳамда бошқа тегишли идоралар томонидан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тергов ишлари олиб борилаётганини билдирган.