Мактаблардаги билим ва кўникмалар сифатини баҳолайдиган нодавлат ташкилоти тузилади

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқитиш сифатини баҳолашга муқобил шаклларни татбиқ этиш мақсадида “Билим ва кўникмаларни баҳолаш маркази” нодавлат таълим ташкилоти ташкил этилади.

Мазкур ташкилот, ЎзА хабарига кўра, ҳукуматнинг 12 октябрда имзоланган 646-сонли қарорига биноан тузилмоқда.

Нодавлат таълим ташкилотининг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • халқаро эътироф этилган таълим сифатини баҳолаш методикасидан келиб чиққан ҳолда умумтаълим мактабларида таълим сифатини баҳолашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш;
  • умумий ўрта таълимда берилаётган билим ва кўникмалар сифатини тизимли баҳолаш учун назорат ишлари материалларини ишлаб чиқиш;
  • таълим сифатини баҳолаш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистон таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари ва муассасалари буюртмасига кўра саралаш, қабул қилиш ва якуний имтиҳонларни ўтказиш;
  • таълим муассасаларида педагогик фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи таълим лицензиялари ва сертификатларини жорий этиш.

Қарорга мувофиқ, “Билим ва кўникмаларни баҳолаш маркази” ташкилотини тузиш таклифи Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим ва Адлия вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ҳамда таълим сифатини баҳолаш бўйича фаолият юритадиган халқаро таълим ташкилотларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилади.