Сурхондарёда икки ёшли ўғлини сотмоқчи бўлган ота ушланди

Ўзбекистонда ўз боласини сотиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Сурхондарё вилоятида икки ёшдаги ўғлини сотмоқчи бўлган ота қўлга олинди.

ЎзАнинг хабар беришича, вилоят ички ишлар бошқармасига Бойсун туманида яшайдиган Зулайҳо Шодиева (исм-шарифлар ўзгартирилди) мурожаат қилган. У Денов туманида яшовчи 28 ёшдаги Пўлат Чориев икки ёшдаги фарзандини 50 миллион сўмга сотмоқчи эканини маълум қилган.


“Мазкур ҳолат юзасидан шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари ўтказган тадбир чоғида Термиз шаҳридаги “Малика” ресторанида П.Чориев вояга етмаган фарзандини З.Шодиевага 2 минг 500 доллар ва 24 миллион 250 минг сўмга сотган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда П. Чориевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси, 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


Ўзбекистонда ўз фарзандини сотиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Озодлик радиоси сўнгги бир неча ой ичида Ички ишлар оганлари томонидан бир неча мана шундай ҳолат аниқлангани юзасидан хабарлар берган эди.


Фарғона шаҳрида шу йил 1 сентябрь куни 1 яшар фарзандини 1500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган 24 ёшли Г.С. қўлга олинган.


Июль ойининг охирларида Тошкентда 3 ойлик боласини 5 минг AҚШ долларига сотишга уринган 21 ёшли аёл ушланди.


Июль ойининг ўрталарида эса 1995 йилда туғилган гулистонлик А.Ў., исмли аёл бир ёшга тўлган фарзанди Ў.Л.,ни 17 000 АҚШ долларига сотаётган пайтда қўлга олинган.