Коронавирус: Вафот этганлар камида 518 киши-cўнгги кунларда ўлганларнинг ким ва қаерданлиги номаълум

15 октябрь куни 316 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 334 нафар бемор тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 16 октябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан қазо қилганлар сони камида 518 кишига етди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрдан бери вафот этганларнинг қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотларни бермай келмоқда.

Шунингдек, коронавирус ҳолати бўйича кундалик жадвалдан вафот этганлар сони ва уларнинг вилоятлар кесимидаги кўрсаткичи тўғрисидаги маълумотлар ҳам олиб ташланди.


Вазирлик 21 сентябрь куни эълон қилган жадвалда вафот этганлар сони 438 киши деб қайд этилган эди. Улардан 305 нафари Тошкент шаҳрида, 67 нафари Тошкент вилоятида даволанган беморлардир.


Вазирликнинг билдиришича, 15 октябрь куни 316 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 334 нафар бемор тузалди.


Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 62371 нафар бемордан 59 429 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.


Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 424 нафар бемордан 316 нафари оғир, 99 нафари эса ўта оғир аҳволда.