Самарқандда "Ипак йўли" туризм университетининг расмий очилиш маросими ўтказилди

Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм университети биноси.

Самарқанд шаҳрида 16 октябрь куни "Ипак йўли" халқаро туризм университетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 28 июндаги қарори билан ташкил этилган мазкур университети Марказий Осиёда туризм соҳасидаги биринчи университет бўлиб ҳисобланади.

ОТМнинг очилиш маросимида бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А. Абдуҳакимов ва бошқа расмийлар иштирок этишган.

"Ипак йўли" халқаро туризм университети расман бугун очилган бўлса-да, мазкур ОТМда ўқиш аллақачон бошланган. Мазкур университетга ўзбек ва рус тилларида имтиҳон топшириб кирган талабалар ўтган йил октябридан бошлаб ëппасига инглиз тили гуруҳларига кўчирилгани ҳақида аввалроқ Озодликка шикоят қилган эдилар.