Ижтимоий тармоқ: Зангиота касалхонасида коронавирусдан ўлганлар жасадини олиб кетиш муаммога айланди (ВИДЕО)

Соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов Зангиота туманидаги махсус шифохонани президентга тақдим қилмоқда, 29 май, 2020

Зангиотадаги коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси ўликхонасидан вафот этган қариндошларини олиб кетиш учун одамлар бир неча кунлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқда. Маҳаллий нашрлар бу борада ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеога таянган ҳолда 18 октябрь куни хабар берди.


“Видеода фуқаролар улар билан мулоқотга чиққан шифохона масъулига қарата «майит ювувчиларни кўпайтириш»ни талаб қилаётгани, масъул ходим эса «қўлида бўлганида, ювувчиларни кўпайтириб қўйган бўлиши»ни айтаётганини кўриш мумкин. Айни вақтда дарвоза олдидаги масъуллардан бири фуқароларга «юқорироқ жойга мурожаат қилиш»ни тавсия этган”,-деб изоҳлаган видеони “Дарё”нашри.


“Хабар” нашри эса: “Бундай манзаралар ковиддан вафот этаётганларга оид расмий статистикага нисбатан асосли шубҳа туғдириши аниқ”,-деб ёзди.


Хабарларда айтилишича, ушбу видеоёзув юзасидан ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки бошқа мутасадди ташкилотлар муносабат билдирмади.


Озодлик радиоси 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хожибоев Зангиотадаги шифохонада ўтказган йиғилиш аудиоси ижтимоий тармоқларда тарқалгани ҳақида хабар берган эди.


Аудиоёзувда вазир ўринбосари “Кислород давлениеси тушиб кетаётгани учун ҳар куни бир нечта одам ўляпти”,- деб айтган ва “Врачларни қамаш керак дейман, мен ўзим уларни қаматтираман, Зангиотадан бошлаймиз",-деб таҳдид қилган эди.