Ангорда автоавария оқибатида бир оиланинг 4 аъзоси ҳалок бўлди

Ўзбекистон йўл-транспорт ҳодисалари кўрсаткичи юқори бўлган давлатлар қаторига киради.

Сурхондарё вилояти Ангор туманида Нексия-3 автомашинаси аварияга учраши оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси ҳалок бўлди.


Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг (ЙҲХББ) маълум қилишича, 18 октябрь куни соат 23:00да Ангор тумани “Қорабоғ” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1433 километрида 1993 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида Нексия-3 русумли автомашина йўл ёқасидаги каналга тушиб кетган.


ЙҲХББнинг билдиришича, каналга тушиб кетган машинада ёнғин келиб чиққан. Оқибатда ҳайдовчи И.И., унинг 1993 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ф.А., ҳамда вояга етмаган фарзандлари 2016 йилда туғилган С.Ў., ва 2017 йилда туғилган С.И., лар оғир даражадаги тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.


“Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 19 октябрь куни Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.


Ўзбекистон йўл-транспорт ҳодислари кўрсаткичи юқори бўлган давлатлар қаторига киради. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида Ўзбекистонда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1293 та ўлим ҳолати қайд этилган.


Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, мазкур нохуш ҳодисалар натижасида жами 3886 нафар киши тан жароҳати олган. Ўтган 9 ой ичида 4294 та ЙТҲ содир бўлган.